ЖАҒ-ЖАҒ

ЖАҒ-ЖАҒ, оддий жағ-жағ, очамбити ICapsella bursa pastories (L.) Medic] — карамдошларга мансуб бир йиллик бегона ўт. 6 тури маълум. Ўзбекистонда 1 тури — С. bursa pastoris учрайди. Тукли, баъзан туксиз пояси оддий ёки шохланган, бўйи 10—50 см. Тупбаргдаги барглари бандли, оддий, кўпчилиги патсимон. Гуллари майда, сийрак шингилга тўпланган. Тожбарги оқ. Меваси тескари юраксимон учбурчак шаклли ёки понасимон қўзоқ. Бир ўсимлик 70 минггача яшовчан уруғ беради. Ўсимлик эрта бахoрда уна бошлайди ва кеч кузгача ривожланиши давом этади. Майсалари ер бетида тўпбарг ҳосил қилади. Ж.-ж. қор остида қишлаб, эрта баҳорда яна ривожланишни давом эттиради. Ҳамма ерда тарqaлган. Кўпгина экинзорларда, бегона ўт сифатида ўсади. Шунингдек, йўл ёқалари, ариқ бўйларида ўсади.

Кураш чоралари: кузги шудгор, экишдан олдин тупроққа ишлов бериш, қатор ораларини культивация қилиш. Бороналашдан аввал трефланнинг (4—6 кг/ га) сувли эмульсиясини пуркаш ва тезда борона қилиш. Шунингдек, которан (1,0—1,6 кг/га), котофор (0,8—1,3 кг/га), прометрин (1,3 — 2,5 кг/га) сепилади.