БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБОТИ

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБОТИ — корхона (ташкилот, муассаса) нинг ҳисобот даври (ой, чорак, йил) даги маблағлари ҳолати ва хўжаликмолиявий фаолиятини ифодаловчи кўрсаткичлар тизими; бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича тузилади. Бухгалтерия ҳисоботи статистика ва оператив ҳисоботлари б-н биргаликда молиявий ҳисоботнинг таркибий қисмини ташкил этади. Даврийлигига кўра Б. ҳ. чорак, ярим йил, 9 ой ва бир йил учун тузилади. Мақсадига кўра ички ва ташқи турларга бўлинади. Ички Бухгалтерия ҳисоботи корхона ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятини таҳлил этиш ҳамда бошқаришга хизмат қилади. Ташқи Бухгалтерия ҳисоботи корхонанинг молиявий ҳолати ҳақида ахборотлар оладиган бошқарув ҳамда назорат идораларига берилади. Ҳажмига кўра дастлабки (корхоналар томонидан жорий бухгалтерия ҳисоби маълумотларига кўра) ва жамланма (статистика муассасалари томонидан ҳудудий тамойилларга кўра) Бухгалтерия ҳисоботига бўлинади. 1997 й. 1 янв. дан Бухгалтерия ҳисоботи қамрайдиган маълумотлар доираси (бухгалтерия баланси, молиявий фаолият ҳақида ҳисобот, кредиторлик ва дебиторлик қарздорлиги ҳақида маълумотнома, асосий воситалар ҳаракати, пул оқимлари, ўз капитали тўғрисидаги ҳисоботлар ва б.)ни ЎзР Молия вазирлиги белгилайди. Бухгалтерия ҳисоботининг белгиланган муддатда топширилиши ва мажбурийлиги уларга қўйиладиган асосий талабдир. Корхоналар йиллик Бухгалтерия ҳисоботини якунланган йилдан кейин 15 фев. дан ( чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар 1 мартдан), чораклик Бухгалтерия ҳисоботини чорак тугагач, 25 кундан кечикмай мулк эгаларига, корхона жойлашган ҳудуддаги давлат статистика идораларига, давлат солиқ инспекцияларига ва б. давлат органларига топширишлари шарт.