БАБЕЗИОЗ

БАБЕЗИОЗ, бабезиеллёз — қорамол, қўй ва эчкиларда Babesia туркумига мансуб бир ҳужайрали организмлар қўзғатадиган юқумли касаллик. Б. ҳайвонларга каналар орқали юқади. Касалликнинг кечиши 4—8 сутка. Касалланган ҳайвоннинг тана ҳарорати кескин кўтарилади, тез озади, сути камаяди, баъзан сути ранги қон аралаш сарғаяди, мазаси тахир бўлади. Касаллик катта ҳайвонларда оғир кечади. Ҳайвонларнинг кўпи нобуд бўлади. Асосан ёз—куз даврида кўпроқ учрайди. Ташҳис қонни микроскопик таҳлил қилиш асосида қўйилади. Бабезиоз билан оғриган ҳайвонларга бу касаллик 2—3 йилгача юқмайди.

Д а в о л а ш : мускул орасига азидин, беренил, диамидин юборилади. Олдини олиш ва қарши кураш чоралари: касал ҳайвонларни кимёвий препаратлар билан даволаш; каналарни йўқотиш (яйлов ҳамда ҳайвонларга 1% ли хлорофос эритмаси пуркалади).