БУШМЕН ТИЛЛАРИ

БУШМЕН ТИЛЛАРИ — Жан. ва Шаркий Африканинг туб аҳолиси бушменлар тили. Бушмен тилларида сўзлашувчилар сони 80 мингдан ортиқ (1990-й. лар ўрталари). Бушмен тиллари деярли тадқиқ этилмаган (шу гуруҳдаги тиллардан 25 га яқинининг номи маълум). Фақат 3 гуруҳи:

1) ауэи диалектига эга бўлган кунг тили;

2) 2 диалектли (намани ва ауни) конг ёки маконг тили;

3) кхомани ёки иусан ва унга қардош баства тили ўрганилган. Бушмен тиллари тиш, альвеолярпалатал, иккита латерал ва билабиал товушларга эга. Яхши ўрганилмагани учун грамматик қурилиши ҳақида маълумот учрамайди. Феъллар ва номлар асоси фарқ қилмайди. Кўп маънолилик (полисемантизм) кучли. Грамматик жинс йўқ. Кўпгина номлар турли ўзаклардан ташкил топади (мас, ноаг тилида «эркак», «ота» — la’a, кўплиги — // хаа; «кўз» lun, кўплиги — lwani). Сонлар фақат 2 та: «бир», «икки»; кейинги миқдорларни билдириш учун «кўп» сўзидан фойдаланилади. Феъллар замон, тусланиш, майл кўрсаткичларига эга эмас. Содда гапда сўз тартиби — субъект, предикат ва объект тарзида.