БУЛБУЛАК

БУЛБУЛАК — 1) торли мусиқа чолғулари дастасининг юқори қисмидаги («шайтон») харак. Булбулак қадимий ёзма манбаларда «анаф» дейилган. У ёғоч ёки суякдан ясалади. Торли асбобларнинг қулоқлар жойлашган томонига, пастки харак рўпарасига ўрнатилади. Булбулак торларни даста ва пардаларга тегизмай кўтариб туради;

2) болалар пуфлаб чаладиган ҳуштак (ўйинчоқ). Лойдан қуштумшуқ обдаста шаклида ясалиб, оловда пиширилади. Ичига сув солиб, жўмрагидан пуфлаганда булбул сайрагандай товуш беради.