БОЁВУТ

БОЁВУТ — ўзбек қабилаларидан бири. 14-а. тарихчиси Рашидуддиннинг «Жоме аттаворих» ва Абулғозий Баҳодирхоннинт «Шажарайи турк» асарларида Боёвутлар Мовароуннаҳрга Чингизхон қўшинлари билан бирга келган қабилалар қаторида кўрсатилган. Рашидуддиннинг ёзишича, қад. вақтда Боёвут анча катта қабилалардан бири бўлиб, бир неча тармоққа (бўлакка) бўлинган. 13— 14-а. ларда Боёвут ларнинг катта бир қисми ўзбек, туркман халқлари таркибига кириб, улар билан аралашиб кетган. Қўлёзма насабномаларнинг баъзиларида Боёвут қад. 92 ўзбек уруғининг бири сифатида кўрсатилган. Қад. Боёвут уруғига мансуб бўлган кишиларнинг авлодлари ҳоз. Гулистон туманининг Боёвут қишлоғида яшайдилар, уларнинг шеваси ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасига киради.

Ад.: Рашидаддин, Джами аттаварих, т.1, 4.1, 2 изд., М., 1968; Абулғози, Шажарайи турк, Т., 1992.