БЎРТМА НЕМАТОДАЛАР

БЎРТМА НЕМАТОДАЛАР (Меloidogyne) — ўсимликларда паразитлик қилувчи нематодалар оиласи. Эркаги ипсимон, уз. 1,2—1,9 мм, урғочиси ноксимон, уз. 0,8—1 мм. Турли ўсимликларнинг ер остки қисмида паразитлик қилиб, шиш (бўртма) пайдо қилади. Полиз (қовун, қовоқ, тарвуз), сабзавот (картошка, бодринг, помидор, сабзи), техника экинлари (каноп, айрим жойларда ғўза)ни айниқса кучли зарарлайди. Урғочи нематодалар махсус тухум халтаси (оотека)га йил давомида бир неча юзтадан 2000 гача тухум қўяди. Тухумдан личинкалар тупроққа чиқиб, ёш илдизларга кириб олади. Бўртма нематодалар таъсирида ўсимликнинг нематодалар б-н зарарланган жойида диаметри 4 мм дан бир неча см (баъзан 25—30 см) гача бўлган бўртмалар пайдо бўлади. Зарарланган ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши секинлашади, иссиқ ёз пайтлари сўлинқираб туради ёки бутунлай қуриб қолади. Бўртма нематодаларнинг Ер юзида 60 дан ортиқ тури, шу жумладан Ўзбекистонда 5 тури (жануб, яван, арахис, ғўза, шимол Б. н.) экинларга зиён келтиради. Кураш чоралари: тупроқни ҳайдаб офтоб тафтида қуритиш, Бўртма нематодаларга чидамли экин навларини экиш, алмашлаб экиш, тупроқни офтоб тафтида қуритиш, иссиқхоналарда тупроқни буғлаш.