БЎРОНҚУШЛАР

БЎРОНҚУШЛАР (Puffi nus) най бурунлилар туркуми уруғи. Сувда яшашга яхши мослашган денгиз кушлари. Панжалари орасида сузгич пардалари бор. Тумшуғи узун ва учи илмоққа ўхшаш қайрилган, ташқи бурун тешиги махсус най учида жойлашган, пати қалин. Қанотининг тирсак суяги узун. Нари билан модасининг ранги бир хил. Қора денгизда шимол бўронкуши (Р. puffi nus), Тинч океан соҳилларида ингичка тумшуқли бўронқуш Р(. tenuirostris) ва бўз бўронқуш (P. griscus) учрайди. Ўзбекистонда яшамайди. Бўронқушлар парвоз қилишда сув тўлқинлари устида ҳосил бўладиган ҳаво қуюнларидан фойдаланади. Ҳаёти сув билан боғлиқ. Бўронқушлар яхши учади ва сузади, лекин унча шўнғий олмайди. Шунинг учун балиқ ва ҳар хил денгиз умуртқасиз ҳайвонларини сув бетидан тутиб ейди. Қуруқликка фақат урчиш вақтида чиқади. Бўронқушлар моногам қуш. Тухум қўйиш учун махсус уя ясамайди; бир дона тухумни очиқ ерга ёки тошлар орасига қўяди. Тухумдан чиққан жўжани жиғилдонида ҳосил бўладиган бўтқа билан боқади, жўжалар учирма бўлишидан бир неча кун олдин отаона қушлар денгизга учиб кетади. Бўронқушларнинг гўшти ва тухуми истеъмол қилинади, патидан ҳам фойдаланилади.