БЎРИ

БЎРИ — ўзбек халқ оғзаки ижодида тотемик образ. Қад. манбалардан етиб келган ривоятларда Бўри турк уруғи авлодининг давомчиси сифатида таърифланади. «Она бўри» номли афсонада тасвирланишича, қад. турклар гўё душман томонидан қирилган турк уруғи орасида тирик қолган ўн ёшли ўғил бола ва она Бўридан тарқалган. «Бўри», «Бўри қиз», «Чўлоқбўри» каби эртакларда талқин этилган тотемик Бўри образи инсоннинг халоскори, унинг ҳимоячиси сифатида тасвирланади. Кейинчалик тотемик эътиқодларга ишончнинг йўқолиши туфайли эртакларда («Бўри билан тулки», «Оч бўри», «Кўй билан бўри», «Бўри билан от» ва б.) пайдо бўлган. Бўри ёвузлик, қонхўрлик, зулм ва зўрлик, босқинчилик тимсолига айланди. Жаҳон, хусусан узбек бадиий ижодида Бўри гоҳ ижобий, гоҳ салбий образ сифатида намоён бўлади, рамзий маъно касб этади. Пўлкан шоирнинг «Ёлдор бўри» достони, М. Авезовнинг «Кўк ёл», Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат» романларида ижобий маънода тавсифланади.