БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ТЎҒРИСИДА КОНВЕНЦИЯ — болалар ҳуқуқи тўғрисидаги халқаро ҳуқуқ нормалари кучига эга бўлган ҳамда келажакка қаратилган энг тўла ва биринчи ҳужжат. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1989 й. 20 нояб. да бир овоздан қабул қилинган. Конвенция 1959 й. да қабул қилинган Бола ҳуқуқлари декларацияси қоидаларини ривожлантиради. Декларация «Инсоният ўзида мавжуд бўлган энг яхши нарсаларнинг ҳаммасини болаларга беришга мажбур» деб эълон қилган эди. Конвенция эса ушбу Декларация ва б. халқаро ҳужжатлардаги болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларни ўзида мужассамлаштирган.
Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция дунёнинг барча минтақаларидаги халклар учун тенг аҳамиятга эга, асосий мақсади болалар манфаатларини мумкин қадар ҳимоя қилишдан иборат. У муқаддима, 3 қисм, 54 моддадан иборат. Конвенцияга асосан агар миллий қонунларда балоғат ёши бирмунча эрта белгиланган бўлмаса, 18 ёшга тўлмаган ҳар қандай шахс бола ҳисобланади.
Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция инсоннинг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуклари йиғиндисидан иборат. У болалар ўзининг ахлоқий, ақлий ва руҳий қобилиятларини эркин ривожлантириши учун бошқа нарсалардан ташқари соғлиғи ва атроф муҳитнинг хавфсизлиги, тиббий ёрдамга эга бўлиш ва овқатланиш, кийим-кечак, тураржой хусусидаги минимал нормалар билан таъминланиши зарурлигини талаб этади. Конвенцияга кура, бола ўзининг камол топишида ўзи фаол иштирок этиш, ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга, бу эса унинг ҳаётига оид масалаларни ҳал этишда ҳисобга олинишини таъминлайди. Конвенция боланинг яшаш ва соғлом ривожланиш ҳуқуқига, фарзандликқа олиш билан боглиц ҳуқуққа, норасо болалар ва қочоқ болалар, шунингдек ҳуқуқбузарлик содир этган болаларнинг ҳуқуқларига оид қоидаларни ўз ичига олади, болаларга ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилишда оила ва отаонанинг биринчи даражали роли, болаларга ёрдам кўрсатиш борасидаги мажбуриятини тан олади. Болаларни камситмаслик — Конвенциянинг муҳим тамойилларидан ҳисобланади. Болалар ирқи, танасининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқоди, миллим, этник ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати, соғлиғининг аҳволи отаонаси ёки қонуний васийси ёхуд қандайдир бошқа ҳолатлардан қатьи назар, биронбир камситишларсиз ўз ҳуқуқларидан фойдаланиши керак.
Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция 1990 й. 2 сент. да кучга кирган. Унга Ўзбекистон Республикаси 1992 й. 9 дек. да қўшилган. Конвенцияни ратификация қилган ёки унга қўшилган давлатлар уни бажариш юзасидан тадбирлар бўйича Бола ҳуқуқлари қўмитасига мунтазам равишда миллий маърузалар юбориб туради. Ўзбекистон Республикасида ушбу Конвенцияни бажариш бўйича биринчи миллий маъруза 1997 й. да тайёрланди.
Акмал Саидов.