БОКСИТЛАР

БОКСИТЛАР (франц. bauxite, Жан. Францияда дастлаб Бокситлар катламлари топилган ЛеБо жой номидан) — алюминий рудалари. Асосан алюминий гидроксиди (28—80%), темир оксиди ва б. компонентлар аралашмасидан иборат. Бокситларнинг асосий кимёвий компоненти глинозём (А12О3), доимий таркибий қисми темир оксиди (Fe2O3). Ранги тўқ кизил, жигарранг, кулранг. С. of. 1,8 — 3,1; қаттиқлиги таркибидаги темир оксидига қараб 3—6. Б. тузилишига кура қаттиқ, жипслашган ва баъзан уваланувчан бўлади. Бокситлар конлари асосан нордон, ишқорли ва асосли жинсларнинг латеритлм нурашидан ёки денгиз ва кўлларда глинозёмнинг кўп тўпланишидан пайдо бўлади. Бокситлар минералогик таркибига қараб 2 турга бўлинади:

1) диаспорбёмитли Бокситлар,

2) гидраргиллитли ( гиббситли) Б. Биринчиси кўпроқ геосинклиналь конларида, иккинчиси платформа конларида учрайди. Бокситлар — алюминий олинадиган хом ашё, шунингдек ундан бўёқ, абразив ва ўтга чидамли материаллар олинади. Бокситлар фойдаланишга ярокли бўлиши учун таркибидаги глинозёмнинг кремний оксидига нисбати 2,6 баравар ортиқ, глинозём эса 28% дан кам бўлмаслиги керак. Бокситлар конлари Украина (Кривой Рог) да, РФ (Урал, Сибирь), Қозоғистонда бор. Бу конларда майда корунд заррачалари учраб туради. Ўзбекистонда Бокситлар ва унинг ўзгариши натижасида пайдо бўлган корунд катламлари Шим. Фарғона, ЧатқолҚурама ва Нурота тоғларида, Қизилқумдаги Томди тоғида топилган. Хорижда асосан Австралия, Ямайка, Суринам, Гайана мамлакатларида кўплаб қазиб чиқарилади.