БОДИБИЛДИНГ

БОДИБИЛДИНГ, культуризм (инг. BodyBuilding — тана тузилиши) — спорт тури; тана мушакларини гантель, штанга, тош ва ҳ. к. ёрдамида ривожлантириш, уни чиройли ва бақувват қилишга қаратилган машқлар тизими. Бундай машкдарга дастлаб Юнонистон ва қад. Римда катта эътибор берилган. Мисрда гавда мускуллари чиройли, келишган одамларгина фиръавн унвонига муносиб бўлган. Кейинчалик бу хилдаги машқлар кўп мамлакатларга тарқалди. 19-а. охирида Буюк Британияда ҳоз. замон культуризми (французча culturisme, инглизча physical culture — гавда маданияти) асослари ишлаб чиқилди. 1901 й. дан эркаклар гавда гўзаллиги халқаро конкурслари, 20-а. ўрталаридан эса культуризм бўйича ҳар йили жаҳон чемпионатлари ўтказила бошланди. 1946 й. Халқаро культуризм (бодибилдинг) федерацияси (IFBB) ташкил қилинди. 170 дан ортиқ давлат бу федерация аъзоси.

Ўзбекистонда Бодибилдинг 1960 й. лардан пайдо бўлди ва дастлабки мусобақалар уюштирилди. Аммо 80-й. ларга келиб унга буржуа спорт тури сифатида салбий баҳо берила бошланди ва унутиб юборилди. Мустақиллик йилларида жисмоний тарбия ва спортнинг барча турлари қатори Бодибилдингга ҳам эътибор кучайди. Бодибилдинг ишқибозлари кўпайди. Бодибилдинг бўйича турли кўрик ва мусобақалар ўтказилмоқда. Даниил Плакида, Фуат Гимуш, Руслан Муродасилов, Рустам Фотиҳов, Геннадий Блажко, Иброҳим Бекбоев таниқли Бодибилдинг чилардир.