БОБОБЕК

БОБОБЕК (18331898.15.7, Тошкент) — Шаҳрисабз ҳокими (1865 — 70), кенагас уруғининг ачамайли аймоғидан. Отаси Ҳакимбек вафотидан сўнг (1865) Шаҳрисабз беги этиб сайланган. Бобобек ва Китоб беги Жўрабеклар ўзаро иттифоқ тузиб, Бухоро амирлигидан ажралиб чиқиш учун курашганлар. Улар руслар томонидан босиб олинган Самарқанд ҳисорини 1868 й. ёзида қамал қилишда Самарқанд аҳолисига ёрдам беришган. Зарафшоннинг юқори қисмида жойлашган Қўштут туманини руслардан ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатишган. Амир Музаффар билан ўзаро битим тузган генерал К. П. Кауфман қайсар бекларни тормор қилиш учун 1870 й. 11 авг. да генерал Абрамов бошчилигида Шаҳрисабз ва Китобга рус қўшинларини жўнатган. Шаҳрисабз ва Китоб аҳолиси яхши қуролланган рус қўшинларига қарши тўрт кун қаттиқ қаршилик кўрсатганларидан сўнг енгилганлар. Бобобек ва Жўрабек оз сонли қўшинлари (200 кишига яқин) билан Зарафшоннинг юқори оқимида жойлашган тоғларга чекинганлар. У ерда Қўқон хонлиги қўшинлари томонидан асир олиниб, Худоёрхоннинт топшириғи б-н Тошкентга, К. П. Кауфман ихтиёрига жўнатилган. Бекларнинг Худоёрхонга нисбатан адоватидан устомонлик билан фойдаланган Кауфман уларни ҳарбий хизматга олиб, Қўқон хонлигини узилкесил босиб олиш мақсадида уюштирилган 1875—76 й. лардаги ҳарбий юришга жалб этган. Мана шу юришда кўрсатган хизматлари учун Бобобек майор, Жўрабек подполковник ҳарбий унвони билан такдирланган.