БЛЕННОРЕЯ

БЛЕННОРЕЯ (юн. blennos — шилимшиқ ва rheo — оқаман) — кўз шиллиқ пардаси (конъюнктива) га гонококклар тушиши натижасида унинг ўткир йирингли яллиғланиши. Чақалоқлар, болалар ва катталар Бленнореяси фарқ қилинади. Чақалоқларга сўзак (гонорея) б-н оғриган онадан тугруқ вақгида ёки болани парвариш қилиш вақтида ишлатилган буюмлардан юқади. Бленнорея кўпроққиз болаларда кузатилади; шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабабли касаллик онадан қизга ўтади. Катталарга эса аксари микроблар билан ифлосланган қўлдан юқади, одатда битта кўз зарарланади. Бленнореяда қовоқ, кўз шиллиқ пардаси шишади, териси қизаради; кўздан йиринг оқа бошлайди; баъзан қон аралаш бўлади; кўзнинг мугуз пардаси зарарланади. Шиллиқ парданинг қаттиқ шишиши, кўл йиринг оқиши мугуз парданинг яраланишига, оқ тушишига ва кўришнинг кескин ёмонлашувига олиб келади. Ҳозир бу касаллик кам учрайди. Бленнореяга гумон қилинганда дарҳол врачга мурожаат этиш ва тузалгунча даволаниш лозим. Давоси: антибиотиклар, сульфаниламид препаратлар буюрилади, кўз дезинфекцияловчи эритмалар билан ботбот ювиб турилади. Касалликнинг олдини олишда санитария ва шахсий гигиена тартибларига қатъий амал қилиш, сийдиктаносил аъзоларида сўзак бўлса ўз вақтида даволатиш, ҳомиладор аёлнинг туғруқ йўлларини текширувдан ўтказиш, шунингдек бола туғилиши б-н унинг кўзларига пенициллин ёки альбуцид эритмаси томизиш лозим.