БИТ

БИТ, битлар (Anoplura, Siphunculata) — қон сўрувчи ҳашаротлар туркуми. ТашҚИ кўриниши пархўрларга ўхшаб кетади. Танаси ясси, уз. 1—6 мм, қанотсиз. Баъзи Битнинг бир жуфт оддий кўзи бор, кўпчилигида кўз ривожланмаган. Мўйловлари калта, махсус эгатчага кириб туради. Оғиз аппарата санчиб сўрувчи. Оғиз тешиги ағдарилиб ташқарига чиқадиган най билан ўралган. Най деворида қатор жойлашган илмоқлар ёрдамида Бит қон сўраётганида терига ёпишиб олади. 3 жуфт оёқлари танасининг 2 ёнига кенг ёйилиб туради. Бармоқларининг учида илмоқка ўхшаш қайрилган тирноқлари ёрдамида кийим ёки соч толаларига ёпишиб олади. Урғочи Битлар ўз ҳаёти давомида бир неча ўнтадан 300 тагача сирка (тухум) қўяди. Сиркасини махсус ёпишқоқ секрета ёрдамида кийим ёки соч толаларига ёпиштиради. Сиркадан бир ҳафтада ёш битча (мағзак)лар чиқади. Бит чала ўзгариш билан ривожланади, 18—20 кун ёки ундан кўпроқ вақт давомида вояга етади. 300 га яқин тури маълум. Бит сут эмизувчи ҳайвонларда паразитлик қилади. Ҳар бир ҳайвоннинг ўз бити бўлади. Одамда бош Б. и (Pediculus humanis capites), кийим Бити (P. humanis westimenti) ва қов Бити (Phthiras pubis, баданнинг сийрак юнгли аъзолари: қош, киприк, қўлтиқ ости, жинсий аъзолар атрофида) бўлади. Битлар тошмали ва қайталама терлама касалликларини тарқатади. Одамлар ғуж бўлиб яшайдиган жойларда (боғча, мактаблар, кўп болали оилалар, ҳарбий хизмат жойлари) Бит ларнинг тарқалиши учун қулай шароит туғилади. Битлашнинг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш лозим.