БИООРГАНИК КИМЁ ИНСТИТУТИ, Ўзбекистон ФА О. С. Содиқов номидаги биоорганик кимё институти — и. т. муассасаси. 1977 й. да Ўзбекистон ФА таркибидаги биоорганик кимё бўлими (1973) негизида ташкил этилган. Интга асосчиси акад. О. С. Содиқов номи қўйилган. Интнинг асосий фундаментал илмий йўналиши ҳайвон ва ўсимликлар организмидаги биоорганик кимё жараёнларини, яъни юқори ва қуйи молекуляр табиатга эга бўлган биологик фаол моддаларнинг структурафункционал боғлиқлигини ўрганиш, ҳайвон ва ўсимликлардан ажратиб олинган иккиламчи маҳсулотларни қайта ишлашнинг жаҳон стандартларига мое келадиган янги технологияларини ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилувчи экологик тоза воситаларни олиш устида тадқиқотлар олиб боришдан иборат. Интда олиб борилган юқори ва қуйи молекуляр биорегуляторларни комплекс тадқиқ этиш натижасида заҳарли жониворлар заҳаридан 50 дан ортиқ биологик фаол оқсил ва пептидлар ажратиб олинди, улардан 15 дан ортиғининг кимёвий тузилиши ва таъсир механизми ўрганилди. Ғўзадан фитогормонларнинг рецепторлари ажратиб олинди ва физиккимёвий хоссалари ўрганилди, уларнинг пахта баргини тўкишдаги регуляторлик роли исботланди. Натижада ғўза дефолиациясида рўй берадиган жараённинг молекуляр механизми кўрсатилди ва дефолиацияловчи ҳамда ўсишни тезлаштирувчи фаолликка эга бўлган бирикмаларни танлаш кўрсаткичлари ишлаб чиқилди. Ғўза ўсиши жараёнида организм фермент системаларининг пахта толаси ҳосил бўлишидаги роли ўрганилди ва целлюлоза биосинтези жараёнининг молекуляр механизми исботланди. Ўсимликлар зараркунанда ҳашаротлари феромонларининг тузилиши, функцияси ўрганилиб, уларни синтетик усулда олиш йўллари ишлаб чиқилди. Табиий биологик фаол модда — госсиполнинг полиморф модификацияли комплекслар ҳосил қилиши биринчи бўлиб исботланди ва унинг асосида 20 дан ортиқ янги дорилар, биологик фаол моддалар асосида эса 30 дан ортик, дори препаратлари олинди. Булардан вирусларга қарши ишлатиладиган «3% госсипол линименти», иммуномодулятор «Тимоптин», қон тўхтатувчи «Лагоден», хламидийга қарши қўлланиладиган «Гозалидон», ультратовуш ёрдамида ташҳис қўйишда ишлатиладиган доривор восита «Полижель» ва б. интнинг тажриба синов базасида ишлаб чиқарилмоқда ва амалиётда қўлланилмоқда. 10 га яқин дори препаратлари (нитроцел, рагосин, мебавин, сафинол, бакагин ва б.) тиббиётда қўллаш учун синовдан ўтмоқда. Жаҳон андозаларига мое келадиган пахта мойини ва кам госсиполли пахта кунжарасини олиш технологияси ишлаб чиқилиб, ЎзРнинг кўпчилик ёғмой экстракция з-дларида лицензия асосида қўлланилмоқда.
Интда 10 лаб. ва уларда 200 ортиқ ходим ишлайди, шулардан Ўзбекистон ФА 3 акад. (А. А. Абдуваҳобов, Т. Ф. Орипов, Ш. И. Солиҳов), 19 фан д-ри, 35 фан номзоди фаолият кўрсатади (2000).
Инт ходимларининг 3 илмий иши Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига О(. С. Содиқов, Х. А. Аслонов, А. И. Исмоилов, О. Э. Эшбоев, С. Х. Носиров, А. К. Каримжонов, З. Б. Раҳимжонов) сазовор бўлган.
Абдували Абдуваҳобов.