БИОЛОГИК ПРЕПАРАТЛАР

БИОЛОГИК ПРЕПАРАТЛАР, биопрепаратлар — қ. х. да ҳайвонларнинг юқумли ва инвазион касалликларига диагноз қўйиш, касалликларнинг олдини олиш, даволаш, маҳсулдорлигини оширишда, шунингдек ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, тупроқунумдорлигини оширишда қўлланиладиган биологик воситалар. Ветеринарияда Биологик препаратларнинг қуйидаги турлари мавжуд: даволаш учун (махсус гипериммунли зардоблар, гаммаглобулинлар); касалликларнинг олдини олиш учун (вакциналар, анатоксинлар); диагностика учун (аллергенлар, антигенлар, диагностик зардоблар, бактериофаглар), стимуляторлар (ҳайвонлар қон зардоби, бўғоз биялар қон зардоби, В12 витамини ва б). Ўзбекистонда Биологик препаратлар Давлат биология к-тида, и. т. институтларида, ветеринария лаб. ларида ҳар бир турдаги препаратлар учун ягона бўлган услуб бўйича ЎзР Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан тасдиқланган техникмеъёрий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқарилади. Биологик препаратларнинг тайёрланиши ва чиқарилишини мазкур корхона ва муассасаларнинг биологикназорат бўлими ёки назорат лаб., шунингдек Ветеринария препаратлари давлат илмийназорат лаб. назорат қилади.

Қ. х. экинларини ва дарахтзорларни зараркунанда ҳашаротлар ва касалликлардан ҳимоя қилишда спора ҳосил қилувчи энтомопатоген бактериялар (дендробациллин, энтобактерин, дипел ва б.) асосида тайёрланган бактериал препаратлар қўлланилади. Далалар, пичанзорлар, боғларни, омборларни кемирувчилар (сичқон, каламуш ва б.)дан ҳимоя қилишда бактероденцидлар ишлаб чиқарилади. Тупроқ унумдорлигини оширишда нитрагин ва б. дан фойдаланилади (қ. Бактериал ўғитлар).

Биологик препаратларнинг атроф мухит ва инсон учун хавфи кам бўлиб, танлаб таъсир этади ва биоценоздат табиий алоқадорликни бузмайди.