БЕВАТАН

БЕВАТАН — Хива хонлигида давлат (подшолик) ерини ижарага олиб ишлайдиган деҳқон. Беватан ўзи ишлатиб турган ерни сотишга ҳақи бўлмаган. Беватан вафот этса, ердан фойдаланиш ҳуқуқи унинг болаларига ўтган. Беватан ерга ҳеч қандай ҳуқуқи бўлмасада, бутун ҳосилга, шунингдек ўзлари қурган иморатларга тўла эгалик қилган. Ернинг сифатига қараб ҳосилнинг 1/3 дан тортиб 1/2 гача ижара ҳақи тўлашдан ташқари, Беватан 5 танобга 1 тилла ҳисо-бидан масжидга ўндан бир солиқ, яъни ушр тўлаган ва б. мажбуриятларни бажарган. Беватан ўртача 5—7 таноб ерни ижарага олиб, ҳар 5 танобга 1 тилладан солғут тўлаган. 19а. 90-й. ларида биргина Хива вилоятида Беватанлар барча деҳқонларнинг 1/3 қисмини ташкил этган.