БЕҲИ

БЕҲИ (Cudonia oblonga Mill.) — раънодошлар оиласига мансуб мевали дарахт ёки бута. Б. нинг Озарбайжон, Догистон, Туркманистон, Эронда ёввойи турлари учрайди, турк тилида айва номи билан юритилган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида «авя» шаклида тилга олинган. Б. Кавказ, Ўрта Осиё, Қрим, Украинанинг жан. ҳамда Астрахон вилоятида кенг тарқалган. Ўзбекистондаги Беҳи зорларнинг 80% Фарғона водийсида. Бал. 5—6 м, шохшаббалари пирамида шаклида, баъзан тарвақайлаб ўсади. Барги оддий, яшил, чети бутун. Гуллари якка ҳолда, оқ ёки оч пушти, апр. да гуллайди. Кўчати ўтқазилгач, 3—4 йили ҳосилга киради, 30—40 йил яшайди. Катта ёшдаги дарахтлари ўртача 60 — 70 кгҳосил беради. Меваси сент. —окт. ойларида узиб олинади; вазни, навига қараб 150—500 г. Б. мевалари лимон рангда ёки тўқ сариқ, тук билан қопланган; етилганда туки тўкилиб кетади, хушбўй. Янги узилган меваси кам истеъмол қилинади. Беҳи энтомофил (ҳашаротлар билан чангланадиган) ўсимлик. Беҳи таркибида 74,7—83,5% сув, 8,5 — 15,2% қанд, 0,2— 1,5% кислота бор, шунингдек ошловчи моддалар ва тош ҳужайралар бўлади. Меваси дағал бўлиб, узоқ сақлангандан кейин тош ҳужайралар юмшаб қолади. Беҳидан мураббо, компот, мармелад, цукат, қиём, жем тайёрланади, овқатга (кўпинча паловга босилади) ишлатилади. Беҳи, асосан, пайвандлаб кўпайтирилади, кўчати 6×6 ёки 5×5 м схемада ўтқазилади. Беҳининг кўпчилик навлари нокка пайвандтаг бўла олади; унга уланган нок пакана бўлади. Беҳи иссиклик ва намликка талабчан. Суғориладиган унумдор тупроқларда, шунингдек шўри кам ерларда яхши ўсади. Ўсув даврида тупроқ шароитига қараб 3—8 марта суғорилади.

Асосий навлари: Нон Б., Қува Б ., Ширин Б., Самарқанд йирик Беҳи, Хоразм олмасимон Беҳи Н о н Б. — эртапишар, хўраки ва консервабоп, дарахти ўртача. Меваси йирик 300—400 г, олма шаклида, сариқ. Эти сарғиш, ўртача сувли, сал нордон, хушбўй. Сент. нинг иккинчи ярмида узилади, дек. гача сақланади. 50—70 кг ҳосил беради; Қува Беҳи — ўртапишар, хўраки, дарахти катта (5—6 м), меваси ўртача (150—200 г), тилимли, олма шаклида, оч сариқ. Эти оқ, тиғиз, ўртача сувли, ширин, хушхўр. Окт. бошларида узилади, янв. гача сақланади. Тупи 150—200 кг ҳосил беради; Ширин Б . — эртапишар, хўраки, дарахти ўртача. Меваси 150—180 г, тилимли, ноксимон, эти оч сариқ, серсув, шириннордон, ейишли. Сент. нинг иккинчи ярмида узилади, узоқ сақланмайди.

Зараркунандалари: олма қурти, олма қон бити, нок канаси, дўлана капалаги ва б. ; касалликлари: қора чириш, занг ва б.

Рихсивой Жўраев.