БАЗИТЛАР

БАЗИТЛАР — асосли магматик тоғ жинслари. Таркибида кремний оксиди 50 — 55% дан ошмайди, аммо А1, Са, Fe, Mg кўп. Кварц йўқ. Габбробазальт туркумига мансуб тоғ жинсларининг умумий номи. Ўзбекистонда Қулжуқтоғ, Томди, Султон Увайс, Ҳисор тоғларида учрайди. Мис, никель, кобалт ва б. фойдали қазилма конлари Базитлар тарқалган ҳудудларда бўлади. Базитлардан тайёрланган безак кошинчалари иморат деворларини пардозлашда, кошинкорликда ишлатилади.