БАЗИДИЯЛАР

БАЗИДИЯЛАР (юн. basidon — асос) — базидияли замбуруғларнинг спора ҳосил қиладиган органлари; дикариот гифлар учида икки ядроли ҳужайралардан ҳосил бўладиган тўғноғичсимон битта (холобазидия) ёки тўртта (фрагмобазидия) ҳужайрадан иборат. Ривожланишига кўра халта (аск)га ўхшаб кетади. Базидияларда жинсий жараён содир бўлади, яъни дикарионлар ядролари қўшилади ва диплоид ядро редукцион бўлинади, сўнгра 2 — 4 та базидиоспоралар шаклланади. Базидиоспоралар Базидиялардан ташқарида ҳосил бўлиши билан аскоспоралардан фарқланади. Базидиоспоралар қулай муҳитга тушгач янги мицелий ҳосил қилади.