БАЗЕЛЬ

БАЗЕЛЬ — Швейцариянинг шим. чеккасидаги шаҳар, Базель-Штадт ярим кантонининг маъмурий маркази. Франция — ГФР чегараси яқинида, Рейн дарёсидаги порт. Аҳолиси 170 минг киши (1990, шаҳар атрофи билан 360 минг), кўпчилиги немис тилида сўзлашади. Базель катталиги жиҳатдан мамлакатда 2-ўриндаги шаҳар. Халқаро аэропорт бор. Йирик савдо, молия ва саноат ҳамда маданият маркази. Кимё, полиграфия, машинасозлик, қурилиш ва металлсозлик, енгил, озиқ-овқат саноатлари ривожланган. Базельда ҳар йили ярмарка ўтказилади. Халқаро банк жойлашган. Ун-т (1460 й. дан), тарих ва этнография музейи бор. Дастлаб 374 й. да Базилия деб қайд этилган. 1501 й. дан Швейцария конфедерацияси таркибида. 15-а. охири, 16-а. да Европадаги савдо, кредит операциялари, ҳунармандчилик марказларидан бири бўлган. 1833 й. да мустақил ярим кантон ҳуқуқини қўлга киритган. 11 — 19-а. лар меъморий ёдгорликлари: роман-готика собори (1185 — 1200), ратуша (1504 — 1608) сақланган.