БАЗАЛ МЕМБРАНА

БАЗАЛ МЕМБРАНА (биол. да) – кўпчилик умуртқасиз ва умуртқали ҳайвонлар ҳамда одамда қопловчи ва бириктирувчи тўқималарни чегаралаб турадиган ҳужайралараро таянч қават ёки чегара парда. Б. м. говак модда ва унда жойлашган толалардан иборат. Моддаларнинг шимилиши ва диффузияси йўлида тўсиқ ҳамда эластик таянч вазифасини бажаради. Айрим органлар каби танлаб ўтказиш хусусиятига эга. Сурункали яллиғланиш, хавфли ўсма ва б. касалликларда зарарланганида Базал мембрана эпителий остидаги бириктирувчи тўқимага ботиб киради.