БАЙРУТ

БАЙРУТ — Ливан Республикасининг пойтахти. Ўрта денгизнинг шарқий соҳилидаги сертепа ярим оролда жойлашган порт. Иқлими субтропик; ёзи иссиқ ва қуруқ. Янв. нинг ўртача т-раси 14°, авг. ники 28°; ўртача йиллик ёғин 900 мм. Аҳолиси 1,5 млн. киши (1990, шаҳар атрофи б-н).

Байрут мил. ав. 18-а. да Берута, Берит деб аталган. Миср қўл остида (мил. ав. 15-а. гача), сўнгра хеттларга (мил. ав. 14-а.), оссурияликларга тобе бўлган. 635 й. араб халифалиги таркибига киритилган. Байрутни 1110 й. да салиб юриши қатнашчилари эгаллади. 14 — 15-а. ларда мамлуклар қўл остида бўлди. 1516 й. да эса турклар тасарруфига ўтди. Ливан амири Фахруддин II (1584 — 1635) замонида расман мустақил давлатнинг маркази эди. 17 — 18-а. ларда Байрутни Ливан амирлари ҳамда турк волийлари идора қилди. 1860 й. авг. да французлар босиб олди. 1920 й 1 сент. дан французлар мандати остида «Улуғ Ливан давлати», 1926 й. дан Ливан Республикасининг (1943 й. нояб. гача француз мандати остидаги) маркази. 20-а. нинг 30 — 50-й. ларида Б. Ливандаги миллий озодлик ҳаракатининг энг йирик марказларидан бири бўлди. 1943 й. дан мустақил Ливан пойтахти.

Байрут — йирик порт, т. й. ва автомобиль йўллари тугуни. Якин ва Ўрта Шарқҳамда Европа мамлакатларининг транзит савдолари Байрут орқали ўтади. Мамлакатнинг савдомолия маркази. Давлатнинг 60% саноат корхоналари шу ерда жойлашган. Тўқимачилик, трикотаж, кўн, озиқ-овқат (тамаки ва б.), металлсозлик саноати тармоқлари ривожланган. Байрут орқали четга цитрус мевалари, олма, зайтун мойи, хом ипак, жун чиқарилади.

Байрутда меъморий ёдгорликлардан Жоме ал-Умарий масжиди (1291 й. да қайта қурилган), «Сарой масжиди» (16-а. боши) ва б. сақланган. Байрут асосан замонавий шаҳар; кўп қаватли уйлар, меҳмонхона, банк ва б. қурилган. Байрут марказида 3 катта майдон бўлиб, бошқа шаҳарларга борадиган йўллар шу ердан бошланади. Байрутда ун-тлар, Миллий кутубхона, Катта меъморий музей (санъат тарихи), Сурсок музейи (замонавий санъат), коллежлар ва б. бор.