БАЙРАМХОН

БАЙРАМХОН (асл исми Муҳаммад Байрамхон ибн Сайф Алибек) (? — 1561.1.2) — бобурийлар даври сиёсий арбобларидан, шоир. Акбаржон оталиғи (қ. Оталиқ). Туркманларнинг қора қўюнли уруғидан. Ёшлигида Бадахшонда бобурийлар хизматига киради. 1534 й. муҳрдорлик мансабига тайинланади. 1540 й. Шершоҳ исёни сабабли Ҳумоюн билан Эронга кетади ва 1545 й. Ҳумоюннинг инилари Мирзо Аскарий ва Комронлардан Қандаҳор ҳамда Кобулни қайтариб олиш учун қилинган урушда қатнашади. Байрамхон шундан сўнг 10 йилча Қандаҳорда яшайди ва бадиий ижод билан шуғулланади. 1555 й. «Хони ҳонон» (бош хон) унвонига сазовор бўлади. Байрамхон ҳажга кетаётиб Гужаротнинг Паттон деган жойига етганда лоҳани уруғидан бўлмиш Муборакхон томонидан ўлдирилиб, дастлаб Шайх Ҳусомиддин мақбарасига дафн этилган, кейинчалик унинг хоки Деҳлига, 1563 й. да эса Машҳадга келтирилиб, Имом Ризо мақбараси ёнига қўйилган. Байрамхоннинг туркий, форсий тиллардаги шеърларидан иборат девони бизгача етиб келган.