БАЁНҚУЛИХОН МАҚБАРАСИ

БАЁНҚУЛИХОН МАҚБАРАСИ — Ўрта Осиё меъморлиги ноёб намунаси (14-а. ўртаси). Бухородаги шайхул олам Сайфиддин Боҳарзий қабри яқинида Чиғатой улуси хони Баёнқулихон қабри устига қурилган. Мақбара биноси мўъжаз ва серҳашам. Айниқса пештоқи майда ва нафис нақшга, сиркор безакларга бой. Ичкариси гумбазли, сиркор безакли зиёратхона ва кичик гўрхонадан иборат. Улар ложувард, феруза, оқ рангли, ислимий ва гириҳ нақшли ўймакор сопол парчинлари билан ишланган. Ўрта Осиё мақбараларидаги мана шундай рангдор манзарали безак услуби Шоҳизинда ансамбли (Самарқанд)да янада ривож топган. Баёнқулихон мақбараси Амир Темур даври меъморлигининг илк намуналаридан ҳисобланади.