БАЙҲАҚИЙ

БАЙҲАҚИЙ Абулфазл Муҳаммад ибн Ҳусайн ал-Котиб (995—1077) — тарихчи олим. Нишопур мадрасаларида таҳсил кўрган. Маҳмуд Ғазнавий саройида котиб (1021). «Зийнат улкуттоб» («Котиблар зийнати») ва 30 жилдли «Тарихи оли Махмуд» («Маҳмуд хонадони тарихи») номли асарлар ёзган. «Тарихи оли Маҳмуд» асарининг Маҳмуд Ғазнавий ўғли Масъуд ҳукмронлиги (1030—41) га оид қисмигина сақланиб қолган бўлиб, у «Тарихи Масъудий» ва «Тарихи Байҳақий» номи билан ҳам машҳур. Бу асар Тошкентда сўз боши ва изоҳлар билан рус тилида нашр қилинган (1962).