БАЙДАРКА

БАЙДАРКА — хипча енгил қайиқ. Эшкаклари илгаксиз. Руль билан бошқарилади, руль оёқда бурилади. Спорт Б. си — яхлит ёғоч ёки пластмасса қопламали, турист Байдаркаси — ёғоч, металл ёки пластмассадан йиғма қобирғали қилиб ясалиб, сув ўтказмайдиган материал қопланган бўлади. Турист Байдаркаси йиғма ҳолда кўпинча 2 та қопга жо бўлиб, оғирлиги 27 — 50 кг келади. 180 — 350 кг гача юк кўтара олади. Тинч сувдаги пойгага мўлжалланган спорт Байдаркаси юпқа фанердан ясалади. Байдарка усти палуба билан ёпилиб, 1, 2, 4 нафар эшкакчи учун люклар ишланган бўлади. Бир эшкакчи учун мўлжалланган Байдарканинг уз. 5,2 м, кенглиги 51 см, оғирлиги 12 кг; икки эшкакчи учун мўлжаллангани — 6,5 м; 55 см; 18 кг; тўрт эшкакчи учун мўлжаллангани — 11 м; 60 см; 30 кг. Спортчилар икки куракли эшкакни оқимга қараб ўтирган ҳолда эшадилар (қ. Байдарка ва каноэда эшкак эшиш). Б. да пойгалар эркаклар ўртасида 1936 й. дан, аёллар ўртасида 1948 й. дан олимпия мусобақалари дастурига киритилган.