БАВОСИР

БАВОСИР, геморрой — тўғри ичакнинг пастки қисми, хусусан орқа чиқарув йўли веналарининг тугунтугун бўлиб кенгайиши. Интоксикация, аллергия, механик таъсиротлар: веналарнинг ўсма, аёлларда ҳомилали бачадон билан эзилиши, узоқ муддат оёқда юриб ёки ўтириб ишлаш, овқатга ружу қилиш, алкоголизм, сурункали қабзият, шунингдек ички аъзоларнинг турли касалликлари ва б. сабаб бўлади. Бавосир авж олишида ирсий мойиллик ҳам маълум аҳамиятга эга. Кечишига кўра ўткир, сурункали, қайталайдиган, тугунлар орқа чиқарув тешигида жойлашишига қараб ташқи, ички ва аралаш хиллари тафовут қилинади. Орқа чиқарув йўли соҳасида бирор нарса тиқилгандек оғирлик, ачишиш, қичишиш, баъзан ҳожат чоғида оғриқ кузатилади; кейинчалик геморроидал қон кетиши мумкин (нажасда қон бўлади). Агар Бавосирда геморроидал тугунлар тиқилиб қолса ёки яллиғланса, қаттиқ оғриқ беради, ҳарорат кўтарилади, қабзият кузатилади. Вақтида олди олинмаса, узоқ вақт қон кетиб юриши — камқонликка, ички геморроидал тугунлар тушиши ёки қисилишига олиб келади. Бавосирни даволашда ванна қабул қилиш, оғриқ қолдирувчи шамча қўйиш тавсия этилади, парҳез буюрилади. Оғирроқ ҳолларда жарроҳлик усули қўлланилади. Бавосирнинг олдини олиш учун қабзиятга йўл қўймаслик; ҳожатдан кейин орқа чиқарув тешиги соҳасини илиқ сув билан ювишга одатланиш, кам ҳаракат кишилар бадантарбия билан шуғулланишлари лозим.