БАВАРИЯ

БАВАРИЯ — ГФР ери. Дунай ҳавзасида. Майд. 70,6 минг км2. Аҳолиси 11,4 млн. киши (1991). Маъмурий маркази — Мюнхен ш. Б. мамлакатнинг энг баланд тоғли қисмида. Мюнхенда июлнинг ўртача т-раси 17’, йилига 935 мм ёғин ёғади. Дарёлари Дунай ҳавзасига мансуб, кўл кўп. Ҳудудининг 1/3 қисми ўрмон билан банд; тоғ яйловлари бор. Б. ҳудудида германларнинг бавар қабиласи яшаган. 1070—1180 й. лар Баварияда вельф қабиласи ҳукмронлик қилган. 1180— 1918 й. лар Виттельсбахлар сулоласи идора қилган. 1806 й. дан қироллик ва Рейн иттифоқи аъзоси. 1871 й. дан Германия империяси таркибида. 1945 й. дан Америка оккупация зонаси, 1949 й. дан эса ГФР таркибий қисми.

Бавария — индустриал-аграр р-н. Электр энергиясининг ярмини ГЭСлар беради. Урушдан кейинги йилларда нефтни қайта ишлаш ( Ингольштадт, Нёйштадт) ва нефть кимёси саноати бунёд этилган (нефть Марсель, Генуя, Триест портларидан қувурлар орқали келтирилади). Бавария ГФР алюминий маҳсулотининг 1/3 қисмини беради (Тёгинг). Саноатнинг етакчи тармоғи машинасозлик: электротехника, (Мюнхен, Нюрнберг, Эрланген), умумий машинасозлик (Аугсбург, Ашаффенбург), транспорт машинасозлиги, жумладан автомобилсозлик (Мюнхен, Аугсбург, Ингольштадт) ва самолётсозлик (Аугсбург), аниқ механика (Нюрнберг). Тўқимачилик (Хоф, Аугсбург) ва тикувчилик, озиқ-овқат саноати ҳам муҳим ўрин тутади.

Т. й. асосан электрлаштирилган. Автомобиль йўли кўп, Дунай, Майн дарёларида кема қатнайди. Баварияда Бавария ФА (1759 й. ташкил этилган) ва 3 та ун-т бор.