БАРШЧИНА

БАРШЧИНА, бояршчина — барин [(бояр)га текинга ишлаб бериш] — ўрта асрларда Россияда ер рентаси шакли, йирик ер эгасига қарам крепостной деҳқонни ўз меҳнат қуроллари билан ер эгаси хўжалигида ҳақ олмай бажарадиган мажбурий меҳнати. Ғарбий Европада Баршчина 8 — 9-а. лардан тарқалган, 12 — 13-а. лардан оброклар томонидан сиқиб чиқарилган ва 14 — 15-а. ларга келиб йўқ бўлиб кетган. Шарқ мамлакатларида Баршчина кенг тарқалмаган (қ. Бегор). Русда Киев Руси давлати пайтида пайдо бўлган. Россиянинг Европа қисмида 16-а. 2-ярми — 19-а. 1-ярмида кенг тарқалган. Юридик жиҳатдан расман 1882 й. бекор қилинган бўлсада, 1917 й. гача давом этган.