БАРОГРАФ

БАРОГРАФ (баро… ва юн. grapho — ёзаман) — атмосфера босимини узлуксиз қайд қилиш учун мўлжалланган асбоб. Ишлаш тарзига қараб, анероидли ва симобли хилларга бўлинади. Амалда анероидли Барограф кўпроқ ишлатилади. Унинг қабул қилувчиси бир-бирига маҳкамланган анероид қутиларидан иборат. Атмосфера босими ўзгарганда қутилар қисилади ёки чўзилади, натижада уларнинг қопқоқлари кўтарилади ёки пасаяди ва шунда перо даражаларга бўлинган лентага муайян чизиқларни чизади. Шу тариқа атмосфера босими қайд қилиб борилади. Жуда сезгир Барограф микробарограф деб аталади. Метеорология ст-яларида, самолёт ва аэростатларда ишлатилади (қ. Барометр).