БАРЬЕР ФУНКЦИЯ

БАРЬЕР ФУНКЦИЯ — одам ва ҳайвонлар организмининг ўз ички муҳитини (қон, лимфа ва тўқима суюклигини) ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиши, шу муҳитни (таркиби, кимёвий, физик ҳамда биологик хоссаларини) нисбатан бир меъёрда сақлай олиши (қ. Гомеостаз). Организм бу функцияни барьерлар деб аталадиган махсус физиологик механизмлар ёрдамида амалга оширади. Улар шартли равишда ташқи (тери, шиллиқ пардалар, нафас, айириш ва овқат ҳазм қилиш аппаратлари) ҳамда ички — гистогематик ва гематоэнцефалик барьерларга бўлинади. Гистогематик барьерлар аъзо ва тўқималарда қон билан тўқима оралиғида жойлашган. Шу барьерлар орасида жигар барьери айниқса муҳим. Ичакда ҳосил бўлиб, ундан қонга ўтадиган баъзи заҳарли моддаларни жигар барьери зарарсизлантириб туради. Барьер функция хам бошқа мослашув механизмлари сингари эволюция жараёнида такомиллашган. Аъзо ва тўқималарнинг бактерияларга, токсинларга, моддалар алмашинувининг бузилиши натижасида ҳосил бўлган маҳсулотларга, ёт моддалар ва доридармонларга сезгирлиги Барьер функцияга боғлиқ. Барьер функциядан гематоэнцефалик барьер (қон билан мия оралиғидаги), гематоофтальмик барьер (қон билан кўз тўқималари оралиғидаги), плацентар барьер (она организми билан ҳомила оралиғидаги) ва б. батафсил ўрганилган.