БАРБИТУРАТЛАР

БАРБИТУРАТЛАР — барбитур кислота ҳосилалари, марказий нерв системасининг функциясини сусайтириб, тиришишга қарши ва наркотик таъсир этадиган, ухлатадиган дори моддалар. Организмда ўзгариши ва ундан чиқиб кетиши хусусиятларига қараб узоқ ва қисқа вақт таъсир этади (узоқ таъсир этадиган Барбитуратлар, асосан, буйраклар орқали чиқиб кетади, қисқа вақт таъсир этадиган Барбитуратлар, асосан, жигарда парчаланади). Уйқусизликнинг хилига қараб узоқ таъсир этадиган (барбитал, фенобарбитал, барбитал-натрий), ўртача таъсир этадиган (циклобарбитал, барбамил, этаминал-натрий) ва қисқа вақт таъсир этадиган (гексобарбитал) препаратлар ухлатадиган ёки марказий нерв системасини тинчлантирадиган миқдорда буюрилади. Барбитуратларнинг порошок (кукун) ва таблеткалари ичилади, шунингдек эритмаси (асосан наркоз учун) венага ёки мускул орасига юборилади, ҳуқна қилинади. Барбитуратлар анестезиологияда беморни наркозга тайёрлаш учун қўлланилади (наркотик, оғриқсизлантирувчи моддаларнинг таъсирини кучайтиради). Барбитуратлар узоқ ишлатилганда организм уларга ўрганиб қолиши мумкин (қ. Гиёҳвандлик).