БАРАНҒАР

БАРАНҒАР, баранғор, буронғор (туркча — ўнг) — қад. турк-мўғул халқларида ҳарбий-маъмурий истилоҳ; 1) Чингизийлар салтанати барпо этилгунга қадар мўғуллар мамлакати ўнг қанот — баранғар ва сўл қанот — жуванғарга тақсимланган. Чингизхон асос солган улкан салтанатда ҳам бундай бўлиниш айнан сақланган. 14 – а. нинг 40 – й. ларида Жўжи улуси ўнг ва чап қанотларга бўлинган. Ўнг қанот — Оқ Урда Боту ва Шайбон, сўл қанот — Кўк Ўрда Жўжихоннинг тўнғич ўғли Ўрдага тегишли мулклардан иборат бўлган; 2) Темур ва темурийлар, ўзбек хонликлари даврида қўшиннинг ўнг қаноти. Бобурнинг сўзларига қараганда, Баранғар қўшиннинг марказ қисми (қавл, ғўл) га бўйсунмаган ва олий бош қўмондон (подшоҳ, хон ёки амир ул-умаро)нинг буйруғи билан иш кўрган. Эски ўзбек тилида Баранғар билан бир қаторда ўнг, ўнг қўл каби туркийча; маймана, ямин сингари арабча номлар ҳам ишлатилган.