БАҚАЧАНОҚ

БАҚАЧАНОҚ (Anodonta) — икки пал-лалилар синфига мансуб моллюскалар уруғи. Пластинка жабралилар туркуми садафдорлар оиласига киради. Чиғаноғининг уз. 20 см гача. Чиғаноғида қулфли тишлар бўлмаслиги туфайли тишсиз де-йилади. Б. Европа, Шим. Африка, Ўрта Осиё (жумладан Ўзбекистон) ва Сибирдаги оқмайдиган ёки секин оқадиган чучук сув ҳавзаларида яшайди. 50 га якин тури маълум. Чиғаноғи иккита палладан иборат. Териси тананинг икки ёнида мантия ҳосил қилади, чиғаноғи четида бўртиб чиққан найчасимон 2 та сифони бор. Сув тана бўшлиғига остки сифондан кириб, устки сифондан чиқиб кетади. Бақачаноқ сув оқими орқали нафас олади ва озиқланади. Айрим жинсли, гермафродит турлари ҳам учрайди. Тухумлари жабрасига ёпишиб ривожланади. Тухумдан чиққан личинкаси (глохидий) сифон чиқариб, балиқдар терисига ёки жабрасига ёпишиб олиб паразитлик қилади. Личинка сув остига тушиб вояга етади. Личинкаси ва ёш Бақачаноқлар балиқлар учун озиқ ҳисобланади. Чиғаноғи ва гўшти уй ҳайвонларига ем сифатида берилади. Чиғаноғи бошқа садафдорларникига нисбатан юпқа бўлганидан садаф олиш учун фойдаланилмайди.