БАНОРАС

БАНОРАС (Варанаси) — Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатидаги шаҳар. Ганг дарёси ирмоқлари бўлмиш Варан ва Аси оралиғида (номининг келиб чиқиши шундан), ҳиндларнинг диний маркази ва зиёратгоҳи. Аҳолиси 926 минг киши (1991). Қадимда Каши ва тахм. 10 — 12-а. дан Варанаси деб аталган. Шим. Ҳиндистондаги муҳим транспорт йўллари тугуни. Банорасда ҳинду ва буддавийларнинг 1500 га яқин ибодатхонаси бор, баъзилари ўрта аср меъморий ёдгорликлари ҳисобланади. Банорас 7 – а. да илму фаннинг йирик марказларидан бири бўлган. Шаҳарда Жай Сингҳ қурдирган (1700) расадхона бор. Б. 18-а. нинг бошида инглиз ОстИндия компаниясининг тасарруфига ўтган. Мамлакатнинг тарихий, маданий ва диний маркази. Банорасда кўп тилларда бадиий, сиёсий, илмий адабиётлар нашр этилади. Ҳинд тилидаги китобларнинг йирик кутубхонаси бор. Ўтган асрларда форс ва араб тилларида чиқарилган асарлар Туркистонга ҳам тарқалган. Ипгазлама, ойна, полиграфия, озиқ-овқат, кимё корхоналари; тепловоз з-ди бор. Банорасда шойи ишлаб чиқарилади; тилла ва кумуш иплардан зарбофкимхоб матолар, заргарлик буюмлари тайёрлашда Шарқ мамлакатларида машҳур бўлган. Туркистонда маълум бўлган банорас газламаси хам ўша ерда тўқилган. Ун-т бор. «Шива олтин ибодатхонаси» (1750й . лар), 16 — 19 – а. ларнинг маҳобатли саройлари (шу жумладан «Ман-Мандир», 1600 й.) сақланган.