БАНОКАТ

БАНОКАТ, Шарқия, Шоҳрухия — Сирдарёнинг ўнг соҳилида, Оҳангарон (Илоқ) дарёсининг Сирдарёга қўшилиш жойидаги карвон йўли ёқасида жойлашган қад. шаҳар харобаси (1 — 18 – а. лар). Банокатни ҳаваскор археолог Д. К. Зацепин (1876), Е. Т. Смирнов (1894, 1896) ўрганган. 1973 й. дан Шош-Илоқ экспедицияси (Ю. Ф. Буряков) текширади. Тадқиқотларга кўра, дастлаб (1-а.) унинг мудофаа девори бўлмай, атрофидаги дарё, шунингдек жарликлар табиий мудофаа воситаси ролини ўтаган, илк ўрта аср (5 — 6 – а.)да буржли мустаҳкам мудофаа девори билан ўралган. Банокат ҳудуди 22 га бўлиб, арки тахм. 1 га ни эгаллаган. 12 — 13 – а. бошларида кенгайган (140 га); у арк, 3 шаҳристон ва рабоддан иборат бўлган. Қазишмалар натижасида турли сопол буюмлар (нақшинкор кўза, коса, сирланган лаган ва б.), танга пул ва тақинчоқлар топилган. Банокатда заргарлик, тўқимачилик, кулолчилик, шишасозлик ва б. ривожланган, мис, кумуш тангалар зарб этилган. Мўғуллар истилоси даврида (1220) Банокат вайрон бўлган. 1392 й. да Амир Темур Б. ни қайта тиклаб, ўғли Шоҳрух шарафига Шоҳрухия деб атаган. 18-а. бошларида ўзаро урушлар натижасида вайрон бўлган. Банокат харобасининг бир қисмини Сирдарё ювиб кетган.

Ад.: Б у р я к о в Ю. Ф., Генезис и этапы развития городской культуры Ташкентского оазиса, Т., 1982.