БАНКИВ ТОВУҒИ, ёввойи товуқ (Gallus gallus) — товуқсимонлар туркумининг қирғовулсимонлар оиласига мансуб парранда. Жан. Осиёда кенг тарқалган. Бу ерларда ҳозир ҳам учрайди. Тоғ ва текисликлардаги ўрмон ва бутазорларда яшайди. Ч. Дарвин Б. т. хилма-хил зотли хонаки товуқларнинг ёввойи аждоди эканлигини аниқлаган. Банкив товуғи Ҳиндистонда мил. ав. 3000 йил илгари қўлга ўргатилган. Уй товуқлари Ҳиндистондан Эрон орқали Европага тарқалган деган тахминлар бор. У қўлга тез ва осон ўрганади. Парвариш қилиш, танлаш ва чатиштириш йўллари билан ёввойи товуқдан катта фарқ қиладиган хонаки товуқ зотлари етиштирилган. Банкив товуғининг ранги даканг хўрознинг рангига ўхшайди. Хўрозининг оғирлиги 900 — 1250 г, макиёниники 500 — 550 г. Б. т. яхши учади; кечалари дарахтда тунайди. Макиёни 5—13 донагача майдароқ тухум қўяди. Банкив товуғи ҳар хил дон, уруғ, мева ва умуртқасиз майда жониворлар билан овқатланади.