БАНК КАФОЛАТИ — кафил банклар (гарант банклар)нинг мижозлари мажбуриятларини ўз зиммасига олиши. Мижозлар қарзларини ўз ҳисобидан ва ўз муддатида тўлай олмаган ҳолларда банклар уларнинг топшириғига кўра ва уларнинг ҳисобидан мажбуриятларни зиммасига олади. Қарз тегишли таъминот (гаров) асосида банк томонидан тўланади. Кафил банкларнинг кредитор ёки экспортёр олдида қарздор ёки импортёрнинг контракт бўйича тўлов мажбуриятлари ижросини кафолатлаши; мижознинг ўзга шартнома мажбуриятлари ижросини пул шаклида таъминлаш (авансни қайтариш, савдо келишуви ёки контракт шартларини бажариш ва б.) кенг тарқалган тўлов кафолатларига киради.