БАНГИ

БАНГИ — Марказий Африка Реслубликаси пойтахти, мамлакатнинг энг йирик шаҳри. Убанги дарёсидаги порт. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Аҳолиси 600 минг киши (1995). Банги француз мустамлакачиларининг ҳарбий истеҳкоми (1894) бўлган. Банги дастлаб Убанги-Шари ҳудудининг маъмурий маркази (1958 — 60 й. ларда мухтор Марказий Африка Республикасининг пойтахти). Мамлакатнинг асосий савдо ва саноат маркази, тўқимачилик, озиқ-овқат, металлсозлик, тахта тилиш саноати корхоналари мавжуд; автомобиль йўллари тугуни. Санъат ва ҳунармандчилик миллий маркази. Шаҳар марказида замонавий бинолар қурилган, чеккаларида эса маҳаллий кулбалар сақланган. Геофизика ст-яси, кинотеатрлар, ун-т ва музейлар бор. Б. га 1889 й. да асос солинган.