БАНДИХОН ТУМАНИ — Сурхондарё вилоятининг туман. 1992 й. 18 майда ташкил этилган. Бандихон тумани вилоятнинг Қумқўрғон, Қизириқ, Жарқўрғон, Шеробод, Бойсун туманлари б-н чегарадош. Майд. 0,20 минг км2. Аҳолиси 30,0 мингдан ортиқ киши (2000). Бандихон туманида 5 қишлоқ фуқаролари йиғини (Бандихон, Киршак, Олмазор, Чорвадор, Қизириқ) бор. Маркази — Бандихон қишлоғи.
Бандихон туманида бир қанча қад. қўрғон қолдиқлари топилган. Булардан энг йириги Бандихон қўрғони (мил. ав. 2 — 1 – аларга оид) археологлар томонидан 1973 й. аниқланган.
Табиати. Бандихон тумани ҳудуди асосан ғарбда шим. дан шарқ ва жан. га томон пасайиб борадиган Сурхон-Шеробод даштларининг шим. қисмида жойлашган. Туман ҳудудида асосан жан.-ғарбдан шим.-шарққа йўналган ШерободСариқамиш тоғлари ва БандихонҚизириқ адири бор. Иқлими қуруқ субтропик иқлим. Янв. нинг ўртача т-раси 2,5° — 3°, июлники 30° – 31°. Йилига 160 – 200 мм ёғин тушади. Туманнинг шим. дан Бандихон сойи оқиб ўтади. Туман хўжаликлари Оққопчиғай ва Шеробод ариқларидан суғорилади. Тупроғи типик бўз, қумлоқ ва қисман тақир-бўз тупроқлар. Ўсимликлари эфемер ва эфемероидлардан иборат. Тоғли қисмлари ва жарликларда бўри, тулки, судралиб юрувчилар, қушлар ва ҳашаротлар (чаён, қорақурт) яшайди.
Аҳолисининг асосий қисми (96%) ни ўзбеклар, 3%ни тожиклар ташкил қилади, шунингдек татарлар, руслар ва б. ҳам яшайди. 1 км2 га ўртача 145 киши тўғри келади. Барча аҳоли қишлоқларда яшайди.
Хўжалиги асосан аграр хусусиятга эга. Суғориладиган экин майдонлари туман ер фондининг 70%ни ташкил этади. Яйловлар 27,5%ни, деҳқончиликка яроқли ерлар 2,5%ни ташкил қилади. Бандихон туманида 6 жамоа хўжалиги мавжуд. Қ. х. да пахтачилик асосий ўринни эгаллайди. Ғалла экинлари экилади, токчилик, боғдорчилик ривожланган.
Туманда 4 кичик корхона, 46 деҳқон ва фермер хўжалиги, чорвачиликка ихтисослаштирилган 5 акциядорлик жамияти фаолият кўрсатмоқда. 22 хусусий кичик корхона, 11 тегирмон, 40 хусусий дўкон ва ошхоналар, 6 обжувоз бор. Шеробод — Денов автомобиль йўли Б. т. ни кесиб ўтган.
Бандихон туманида Шредер номидаги республика Боғдорчилик, токчилик ва виночилик корпорациясининг филиали мавжуд.