БАНЬ ГУ (лақаби — Бань Мэнцзянь) [32, Аньлин ш. (Шэньси вилояти) — 92] — Хитой тарихчиси, «Цянь Хань шу» («Илк Хань сулоласи тарихи») нинг асосий муаллифларидан бири. Хань империясида йирик лавозимларда ишлаган ўқимишли амалдорлар оиласидан. 58 й. отаси Бань Бяо тасниф эта бошлаган «Илк Хань сулоласи тарихи»нинг давомини ёзишга киришган. Император Миндининг топшириғига биноан тарихга оид бир неча рисолалар (хажми 28 боб) ёзган. 82 й. «Илк Хань сулоласи тарихи»ни ёзиб тугатган. Асарда Қад. Хитой ва Марказий Осиё тарихи, хўжалиги ва маданияти ҳақида турли маълумотлар бор. 92 й. Хань империяси лашкарбошиси Доу Сяннинг яқин ёрдамчиларидан бири сифатида Бань Гу ҳуннуларга қарши юришда қатнашган. Юриш муваффақиятсиз чиққач, амалдан туширилган ва зиндонга ташланган (ўша ерда вафот этган).