БАМИЯ

БАМИЯ, Гамбо (Hibiscus esculentus L.) — гулхайридошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик. Бўйи 2,5 м гача боради. Ташқи кўриниши ва гуллаши билан ғўзага ўхшайди. Ватани — Шарқий Африка. Навлари сабзавот ва тола берадиган гуруҳларга бўлинади. Ҳиндистон, Африка ва АҚШда тола олинадиган навлари экилади. Етилмаган кўсаксимон меваси сабзавот кўкат тарзида суюқ овқат ва салатларга ишлатилади. Мевасида 3% оқсил, 0,5% ёғ, 8% углеводлар, пишган уруғи таркибида 18% мой бор. Мевасини хомлигича ейиш, пишириш, қовуриш, консервалаш мумкин. Пояси оқ дағал тола беради; қовурилган уруғидан сунъий кофе тайёрланади. Тропик, субтропик мамлакатларда, Шим. Америка, Жан. Европа, Закавказье, Крим, Украинанинг жануби, қисман Ўрта Осиёда, асосан, сабзавот экини сифатида етиштирилади.