БАЛЬЗАК (Balzac) Оноре де (1799.20.5, Тур – 1850.18.8, Париж) – француз реалист ёзувчиси. Бальзакнинг ижодий мероси жанр жиҳатидан улкан ва хилма-хил: романлар, повестлар, драмалардан иборат. Бальзакнинг кўпгина романлари ва повестлари умумий ғоя асосида бирлаштирилган ва «Инсон комедияси» деб номланган кўп жилдли эпопеяни ташкил этади. Унда Бальзак ўз замонасидаги француз жамиятининг ҳаққоний, ёрқин манзарасини яратган. «Инсон комедияси»ни муаллиф 3 қисмга бўлган: «Одатлар ҳақидаги этюдлар», «Фалсафий этюдлар», «Аналитик этюдлар». Ўйланган 143 та асардан 97 таси ёзилган. Энг катта қисми «Одатлар ҳақидаги этюдлар»дир, унга 72 та роман кирган бўлиб, булар орасида — «Гобсек» (1830), «Евгения Гранде» (1833), «Горио ота» (1834), «Йўқотилган орзулар» (1837—43) каби асарлар бор. Б. ижодида француз реализми ўзининг юксак поғонасига кўтарилди. «Инсон комедияси» эпопеяси 19-а. нинг 1-ярмидаги француз жамиятининг реалистик манзараларини кенг қамровда акс эттирганлиги, воқеаларга, далилларга бойлиги, турли тоифадаги кишилар драмаси яратилганлиги, ёрқин образлари ва персонажлари билан катта таассурот қолдиради. Эпопея асарлари бир-бири билан боғланган, қаҳрамонлар тақдири туташ. Судхўр Гобсек, коммерсант Гранде, банкир Нусинген, зиёли Растиньяк каби образлар асардан асарга ўта боради. Бальзакнинг «Инсон комедияси» эпопеяси замондошларининг юксак баҳосига сазовор бўлган. Бальзакнинг «Евгения Гранде», «Горио ота», «Гобсек», «Сағри тери тилсими» асарлари С. Муҳаммаджонов, М. Мирзоидов, М. Махмудов ва б. таржимасида турли йилларда ўзбек тилида нашр этилган.
Ад.: Азизов К,., Қаюмов О., Чет эл адабиёти тарихи, Т., 1987.