БАЛХИЙ (тахаллуси; асл исми Абу Шукур Балхий) (915 — ?, Бухоро) — шоир. Форс адабиётида достончиликка асос солганлардан бири. Асосан сомонийлар ҳукмронлиги даврида яшаб ижод этган. Маълум муддат Нуҳ ибн Наср саройида хизмат қилган. Асарларида инсонпарварликни, илм ва ҳунарни улуғлаган, кишиларни тенгликка, тинчтотувликка даъват этган. «Офариннома» достони (947) катта шуҳрат қозонган. Достон дидактик мавзуда (асарларидан 379 байт турли тазкира ва луғатларда сақланган). Асарлари араб тилига таржима қилинган.