БАЛУЖЛАР (ўзларини балуч, балоч дейишади) — Покистон (4 млн. киши) ва Эрон (1,4 млн. киши, 1992)даги халқ. Шунингдек Афғонистон, Туркманистон (28,3 минг киши, 1989) ва араб мамлакатларида ҳам яшайди. Умумий сони 5,7 млн. киши (1992). Балуж тилида сўзлашади. Балужлар ислом динининг сунний мазҳабига эътиқод қилишади.
Балужлар кўчманчи чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Араб географларининг маълумотларига кўра Б. Кермон ва унинг шарқий қисмида, Сейистонда яшаган ва кўчманчи чорвадорлик билан шуғулланган. Балужлар бу ерларга араблар истилосидан тахм. 300 й. аввал келиб жойлашган. Инглиз олими М. Лонгуорс Деймснинг тадқиқотларига кўра Балужларнинг ватани Шим. Эрон бўлиб, эфталийларнинг Шим. Эронга қилган ҳужуми (6-а.) натижасида Б. Кермонга кўчишган. Кейинги асрларда яйлов ерларининг танқислиги уларни астасекин шарққа силжишга мажбур этган. 11—14-а. лар давомида Балужлар яшаган ҳудуд ҳоз. Балужистон жойлашган ерларгача кенгаяди. 19-а. нинг охири — 20-а. бошларида Афгонистон ва Эрон Сейистонида яшовчи Балужларнинг бир қисми Туркманистон республикаси Мари ва Чоржўй вилоятига кўчиб келиб жойлашадилар. Балужлар айрим гуруҳлари Фарғона водийси ва Қашқадарёнинг қуйи оқимларида жойлашган Бугуч қишлоғида ҳам яшаганлар.