БАЛУЖИСТОН

БАЛУЖИСТОН — Осиёдаги тарихий вилоят, Эрон ясситоғлигининг жан.-шарқда. Майд. 0,5 млн. км2 дан кўпроқ. Шарқий Балужистон (347 минг км2) Покистон ҳудудида, Ғарбий Балужистон эса Эрон ҳудудидадир. Қадимда Балужистон ҳудудида мака, гедросий ва б. халқлар яшаган. Ўрта асрларда Балужистон аввал Араб халифалиги, сўнгра Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Ҳулокуийлар, Темурийлар давлатлари таркибида бўлган. 17-а. бошларида Балужистон ҳудудида бир неча ҳокимликлар вужудга келиб, уларнинг ҳокимлари сафавийлар ва бобурийларга қарам бўлган. Бу ҳокимликлардан энг қудратлиси бўлган Колот ҳокимлиги ҳокими (Шарқий Балужистон) Носирхон Балуж (1750 — 95) бутун Балужистон ҳудудини ўз қўл остига олиб, ўзини афғон шоҳлари — дурронийлар вассали деб эълон қилган. 19 – а. бошларидан Балужистонга Англия ўз таъсирини ўтказа бошлади. 1854, 1876 ва 1879 й. ларда Колот ва Қобул ҳокимларига мажбуран қабул қилдирилган шартномаларга кўра, Шарқий Б. Англияга бўйсундирилди ва Британия Балужистони ҳамда Балуж ҳокимликлари федерациясига (Колот, Харон, Макрон, Лас-Бела) бўлиб ташланди. Ғарбий Балужистон 1849 — 57 й. ларда Эрон таркибига қўшилди. 1947 й. авг. да Британия Балужистони Покистон таркибига кирди. Балуж ҳокимликлари федерацияси эса 1948 й. мартида Покистонга қўшилди. Шарқий ва Ғарбий Балужистон ўртасидаги чегара 1956 й. 29 октдаги Эрон-Покистон битими асосида белгиланди.