БАЛИҚҚИЙҒИР

БАЛИҚҚИЙҒИР (Pandion haliaetus) – йиртқич қушлар туркумининг балиққийғирлар оиласига мансуб. Катталиги сариқ сордек, танасининг уз. 1,5 м га яқин, усти тўқ қўнғир, қорин томони оқ, оёғи кулранг, тумшуғи қора. Балиққийғир кенг тарқалган. Ўзбекистонга мартнинг охирларида учиб келади ва қишлаш учун тропик мамлакатларга сент. —окт. да учиб кетади. Балиққийғир атрофи дарахтзор сув ҳавзаларининг қирғоғида яшайди. Шунинг учун Ўзбекистонда кам учрайди. Хасчўплардан дарахтга уя қўяди. Бир уядан бир неча йил фойдаланади, уни ҳар йили янгилаб, тузатиб туради, натижада уя бўйи 1 м, диаметри 1,5 м гача катталашиб кетади. 2 — 3 та ҳаво ранг тухум қўяди. Болалари 2 ойда учирма бўлади. Балиққийғирнинг тузилиши, оёқ панжалари балиқ тутишга мосланган: бармоқларининг таги тиканли, панжалари йўғон ва кучли, чангал тирноқларининг учи қайрилган, қорин ва оёқ патлари қисқа, дум бези яхши ривожланган. Балиққийғир балиқ тутишга моҳир. Сони кам бўлганлиги учун балиқ хўжалигига сезиларли зарар келтирмайди. Балиққийғир Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган.