БАЛИҚКЎЗ (Climacoptera) — шўрадошлар оиласига мансуб бир йиллик ўтлар туркуми. Бўйи 5 — 50 см, пояси тукли. Барглари майда, этдор, пояда қарамақарши жойлашган. Меваси қизғиш ёки сарғиш пардасимон қанотчаларга эга. Июнь — июлда гуллайди, окт. да пишади. Ўрта Осиё ҳудудида чўл минтақаларида шўр (тақир) ва шўрхок тупроқларда ўсади. 10,5% протеин, 11,5% клетчатка ва 1,5% мои, поя ва баргларида эса 1,3% лимон кислота бўлади. Ўзбекистонда бир нечта тури тарқалган.